Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги Абдуғафур Тешабоевич Мамадалимов таваллудининг 70 йиллиги нишонланди.

       

АКАДЕМИК А.Т. МАМАДАЛИМОВНИНГ ИЛМИЙ,

ПЕДАГОГИК ВА ЖАМОАТЧИЛИК ФАОЛИЯТИ

       2017 йил 1-февральда Ўзбекистон илмий жамоатчилиги яримўтказгичлар физикаси, иссиқлик физикаси ва полимерлар физикаси соҳаларидаги йирик олим Абдуғафур Тешабоевич Мамадалимов таваллудининг 70 йиллигини ва илмий, педагогик ва жамоатчилик фаолиятининг 50 йиллигини нишонлайди.

         А.Т. Мамадалимов – Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси – академик, физика-математика фанлари доктори, профессор, Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти соҳиби, физиканинг турли, айниқса яримўтказгичлар физикаси, иссиқлик физикаси ва полимерлар физикаси соҳалари ривожига жуда катта ҳисса қўшган йирик олимдир.   

          А.Т. Мамадалимов 1947 йил 1 февралда Андижон шаҳрида ишчи оиласида туғилган. 1964 йил Андижон шаҳридаги 30-мактабни тугаллаб, Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) физика факультетига ўқишга кирган ва уни 1969 йили «физикавий электроника» мутахассислиги бўйича тамомлаган. У ўзининг меҳнат фаолиятини Андижон шаҳрининг 30-мактаби физика кабинетининг лаборанти сифатида, кундузги таълим ўқувчиси бўлган ҳолда, 1962 йил бошлаган.

     Олинган натижалар асосида А.Т.Мамадалимов 1974 йилда «Кремний ва компенсирланган кремний асосидаги асбобларда  чуқур киришмавий сатҳларни тадқиқ этиш» номли мавзудаги физика-математика фанлари номзоди илмий даражаси учун диссертацияни муддатидан аввал муваффақиятли ҳимоя қилди (Ст.-Петербург давлат университети, Россия).

      А.Т.Мамадалимов номзодлик диисертациясининг ҳимоясидан сўнг Россия ФА А.Ф. Иоффе номидаги Физика-техника институтида катта мухандис ва  кичик илмий ходими лавозимларида ишлашга қолди.

     Кейинчалик, А.Т.МамадалимовЎзР ФА Иссиқлик физикаси Бўлими раҳбарининг ўринбосари ва лаборатория мудири бўлган ҳолда чуқур илмий изланишларни фаоллаштирди ва аспирантларга, докторантларга раҳбарлик қилди. Ушбу даврда унинг томонидан кенг температуралар оралиғида чуқур марказлар билан легирланган кремнийнинг электрик, фотоэлектрик ва теплофизик хоссаларининг фундаментал тадқиқотлари амалга оширилди. Чуқур сатҳлар билан легирланган яримўтказгичлар асосида юқори сезгир фотоэлементлар яратиш билан боғлиқ физик қонуниятлар аниқланди.