Оптика ва спектроскопия илмий мактаби

ОПТИКА ВА СПЕКТРОСКОПИЯ ИЛМИЙ МАКТАБИ

Университетда оптика ва спектроскопия сохасидаги дастлабки илмий тадқиқотлар XX асирнинг 50-йилларида проф.В.А.Кизель ва доц.Б.М.Носенколар рахбарлигида асос солинган бўлиб, (1960 йилдан бошлаб проф.В.А.Кизель Москва физика техника институтида ишлаган) мухитлардан электромагнит тўлқинларни қайтиши, ютилиши ва люминесценция спектрлари ёрдамида мухитларни структурасини ўрганиш йўлга қўйилди.

1960-1970 йиллардан бошлаб, доц.Б.М.Носенко рахбарлигида университетда оптика ва спектроскопия сохасида илмий мактаб шакиллантирилиб, электромагнит нурланишларининг мухитлар билан ўзаро таъсирлашув қонуниятларини ўрганишга бағишланган кенг кўламли илмий тадқиқот ишлари олиб борилди. Бу сохадаги илмий тадқиқот ишлари учта илмий йўналишда ривожланди: люминесценция; молекуляр оптика; амалий спектроскопия. Ушбу илмий йўналишларнинг ривожлантирилишига асосий сабаб илмий тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга тадбиқ этиш билан боғлиқ бўлиб, люминесцент ёруғлик манбаларини яратиш, моддалардаги элементлар таркибини ва унинг миқдорини аниқлаш устида иш олиб борилди. Бу тадқиқотлар тиббиёт, фармакология ва геология фанлари ривожланишида катта ахамиятга эга бўлди.

Илмий мактаб олимлари қутбланувчанлик тензорлари бўйича симметрик ва асимметрик хусусиятларга эга бўлган анизотроп молекулалардан хамда кристаллардан ёруғликнинг молекуляр ва комбинацион сочилиш спектрлари ёрдамида мухитларнинг структурасини ўрганишда катта ютиқларни қўлга киритиб, бир қaтop илмий янги қонуниятларни яратдилар. Шулар жумласидан, молекулаларнинг эркинлик даражалари бўйича тормозланиб харакатланиш назарияси яратилди ва илмий жамоатчилик томонидан қизғин мақулланди. Ушбу назария моддаларнинг хусусиятларини ўрганишда бугунги кунда хам кенг кўламда қулланилиб келмоқда.

Магнитли тартибланган мухитларнинг структурасини оптик ва магнитооптик усуллар билан ўрганиш, оптика ва спектроскопия илмий мактаби фаолиятини янги босқичга кўтарди. Ушбу фундаментал тaдқиқотлар ёрдамида мухитларнинг оптик ва магнитооптик хоссаларини уларнинг магнитланган холати билан ўзаро боғлиқ эканлиги аниқланди. Кейинчалик чуқур тaдқиқотлар асосида янги магнитооптик спектроскопия йўналишига йўл очилади.

Оптика ва спектроскопия илмий йўналиши бўйича бугунги кунда олиб борилаётган илмий тaдқиқотлар электромагнит тўлқинларини мухитлар билан ўзаро тасирлашуви натижасидаги релаксацион жараёнлар, фазовий ўтишлар, критик холатдаги физик ходисалар, магнит матриалларининг хоссаларини оптик, акустик ва магнитооптик усуллар билан тахлил қилишга асосланган.

Б.М.Носенко рахбарлигида 15 та кандидатлик диссертациялари химоя қилинди. Бугунги кунда Миллий университетда оптика ва спектроскопия сохасидаги илмий тадқиқот ишлари унинг ўқувчилари томонидан самарали давом эттирилмоқда.