Квант радиофизика илмий мактаби

КВАНТ РАДИОФИЗИКА ИЛМИЙ МАКТАБИ

 

    Радиофизика соҳасидаги дастлабки илмий-тадқиқот ишлари университетда доцент И.А.Гофман, доцент Х.Х.Хожимуҳамедовлар рахбарлигида XX асрнинг 60-йилларида бошланган бўлиб, радиодиапазон соҳадаги электромагнит тўлқинларнинг ионосфера ва турли муҳитларда тарқалиши, турли лазерлар ҳамда уларнинг параметрларини тадқиқ этишга  қаратилди. Лекин шу соҳанинг янги бир йўналиши – квант радиофизикасини  проф. Агзам Турапович Мирзаев (1943-2002) ривожлантириб, уни 70-йилларда илмий мактаб даражасига кўтарди.

Илмий мактаб фаоллари ўзларининг дастлабки 20 йилидаги илмий изланишларида “Информацияни узатиш ва қабул қилишнинг оптимал системалари” мавзуси устивор йўналиш бўлди. Бу даврларда илмий мактаб  мудофаа мавзуларидаги кенг қамровли Давлат топшириқларини бажарди. Мисол тариқасида, Ер сунъий йўлдошларидаги объектдан тарқалаётган ёки сочилган ўта суст фотонлар оқимини қайд этиб, объект ҳақида маълумот тўпловчи системалар учун тайёрланган ва тадқиқ этилган қабул қилиш қурилмасини келтириш мумкин.

Бугунги кунда, физика фанида тезкор ривожланиб бораётган янги «сингуляр оптика» йўналишидаги дастлабки тажриба ва амалиёт шу илмий мактабда илк бор амалга оширилди. Ўта юқори частота кўндаланг разрядли (ЎЮЧКР) Не-Nе фаол муҳитининг электр, оптик ва генерация хусусиятларини ўрганиш натижасида ўта қувватли якка частотали ва кам шовқинли, ҳамда паст кучланишларда ишловчи (27 В) Не-Nе лазери яратилиб, илмий-амалиётга тадбиқ этилди. Бу танланган илмий изланишларнинг ўта долбзарблиги илмий мактабнинг амалий қуввати юксак даражада эканлигидан ёрқин далолатдир. Илмий мактабда олинган илмий ва амалий натижалар кўплаб дунёга таниқли мамлакатлар, чет элдаги нуфузли илмий мактаблар томонидан эътироф этилган. Масалан, Россиянинг Москва шаҳридаги «Астрофизика» Илмий ишлаб чиқариш бирлашма (ИИЧБ), Новосибирск шаҳридаги Россия ФА нинг «Лазер физикаси» илмий тадқиқот институти, Томск “Атмосфера физикаси ва оптикаси” илмий тадқиқот институти ва Рязань шаҳридаги «Плазма» ИИЧБ лари билан ўзаро шартнома асосида қўлга киритилган илмий натижалар ва шу асосда яратилган физик-техникавий қурилмалар, хорижда фақат эътироф этилиб тан олинишигина эмас, балки саноатда қўлланилган ҳам.

Квант радиофизикаси илмий мактаби доирасида олиб борилган илмий ишларнинг натижаси асосида 4 та докторлик, 17 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди ва 9 та давлат патентлари олинди.

Юқори илмий қувват ва салоҳиятга эга бу мактабнинг таркибидаги олимлар бугунги кунда ҳам катта илмий изланишлар билан бир қаторда ёш мутахассисларни тайёрлаш йўлида ҳам ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.